Президент «Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида»ги қонунни имзолади


Ўзбекистон Республикаси Президенти «Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида»ги қонунни имзолади.

Ҳужжат Қонунчилик палатаси томонидан 2019 йил 17 августда қабул қилинган, Сенат томонидан 2019 йил 23 августда маъқулланган.

Қонунга кўра, хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатларини таъминлашнинг асосий принциплари қуйидагилардан иборат:

қонунийлик;

демократизм;

хотин-қизлар ва эркакларнинг тенг ҳуқуқлилиги;

жинс бўйича камситишга йўл қўйилмаслиги;

очиқлик ва шаффофлик.

Хотин-қизлар ва эркаклар давлат томонидан кафолатланган тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларга эга бўлади.

Қуйидагилар жинс бўйича камситиш ҳисобланмайди:

бола туғиш ва она сути билан озиқлантириш вазифалари билан боғлиқ муносабатларни тартибга солишда фарқларни белгилаш;

қонунда белгиланган тартибда муддатли ҳарбий хизматга чақириш;

ушбу Қонун асосида гендер сиёсати амалга оширилишини таъминлашга доир вақтинчалик махсус чоралар кўриш;

хотин-қизлар ва эркаклар меҳнатини муҳофаза қилишда уларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш хусусиятлари;

мажбуриятлар фақат муайян жинсдаги шахслар томонидан бажарилиши мумкинлигига асосланган ҳолда касбий малакага доир тавсиялар бериш;

қамоқда сақлаш, жазони ижро этиш жойларида сақлаш тартиби ва шартларини ҳамда ҳуқуқий жиҳатдан таъсир кўрсатишнинг бошқа чораларини тартибга солишда фарқларни белгилаш;

хотин-қизларнинг жамиятдаги ижтимоий мавқеини мустаҳкамлашга, хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлашга қаратилган ижобий чоралар.

Давлат хотин-қизлар ва эркакларга шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқларни амалга ошириш чоғида тенг ҳуқуқлиликни кафолатлайди.

Давлат хотин-қизлар ва эркакларга жамият ҳамда давлат ишларини бошқаришда, сайлов жараёнида тенг иштирок этишни, соғлиқни сақлаш, таълим, фан, маданият, меҳнат ва ижтимоий ҳимоя соҳаларида, шунингдек давлат ва жамият ҳаётининг бошқа соҳаларида тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар таъминланишини кафолатлайди.

Хотин-қизлар ва эркаклар ўртасида ҳақиқий тенгликка эришиш, жамият ҳаётининг барча соҳаларида уларнинг иштирокини кенгайтириш, жинс бўйича бевосита ва билвосита камситишни бартараф этиш ҳамда уларнинг олдини олиш мақсадида давлат томонидан гендер сиёсати амалга оширилишини таъминлашга доир вақтинчалик махсус чоралар кўрилади.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ва улар лойиҳаларининг гендер-ҳуқуқий экспертизаси давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан фаолиятнинг тегишли йўналишлари бўйича ўтказилади.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг ёки унинг лойиҳасининг хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатларини таъминлаш принципларига номувофиқлиги аниқланган тақдирда, гендер-ҳуқуқий экспертиза хулосаси ушбу норматив-ҳуқуқий ҳужжатни ишлаб чиққан ёки қабул қилган органга кўриб чиқиш учун юборилади.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ва улар лойиҳаларининг гендер-ҳуқуқий экспертизаси:

жинс бўйича бевосита ва билвосита камситиш имконини яратадиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг ёки унинг лойиҳасининг хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатларини таъминлаш принципларига мувофиқ эмаслигини аниқлашга;

жинси бўйича бевосита ва билвосита камситиш имконини яратадиган норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини қабул қилиш оқибатларини умумий баҳолашга;

норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг қўлланилиш жараёнида юзага келиши мумкин бўлган, камситиш хусусиятига эга хавфларни аниқлашга;

жинси бўйича бевосита ёки билвосита камситишга йўл қўядиган, аниқланган нормаларни бартараф этишга йўналтирилган тавсияларни ишлаб чиқишга қаратилгандир.

Давлат статистика органлари гендер кўрсаткичлари асосида жамият ҳаётининг барча соҳаларида хотин-қизлар ва эркакларнинг ҳолатини акс эттирадиган статистик ахборотни йиғишни, унга ишлов беришни, уни тўплашни, сақлашни, таҳлил қилишни ва эълон қилишни амалга оширади.

Гендер кўрсаткичларини шакллантириш:

давлат статистика органлари томонидан амалга ошириладиган давлат статистик кузатувларига;

давлат бошқаруви органларининг маъмуриятга оид маълумотларига;

давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан мунтазам равишда амалга ошириладиган статистик кузатувларга асосланади.

Гендер кўрсаткичлари фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг, нодавлат нотижорат ташкилотларининг ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг статистик маълумотлари асосида ҳам шакллантирилиши мумкин.

Ushbu sayt Yevropa Ittifoqi ko'magida Frantsiyaning texnik hamkorlik va rivojlanish agentligi ACTED bilan qo'shma loyihada yaratilgan. Ushbu sayt mazmuni "Ayollarning O'zbekistonda huquqlarini himoya qilish va mehnat faolligini oshirish orqali ularning rolini kuchaytirish" loyihasi uchun javobgar emas. Ushbu saytda bildirilgan fikrlar Yevropa Komissiyasi va ACTEDning nuqtai nazarini aks ettirishini bildirmaydi.